Янги илмий тадқиқот натижаларига кўра, инсонларда сонларни ҳис қилиш қобилияти туғилганиданоқ мавжуд бўлиши мумкин. Олимлар биринчи марта янги туғилган чақалоқлар миясида сонларга нисбатан қандай реакция юзага келишини кузатишга муваффақ бўлган.
Planet Today нашрининг ёзишича, туғилганига бир неча соат ёки бир неча кун бўлган чақалоқлар тўртта ва ўн иккита предметдан иборат гуруҳларни бир-биридан ажрата олади. Тадқиқот натижалари bioRxiv илмий препринтлар платформасида эълон қилинган.
Лондон университет коллежи профессори Брайан Баттервортнинг таъкидлашича, инсон мияси атроф-муҳитдаги сонли маълумотларни автоматик тарзда қабул қилади.
«Бу мактабда ўргатиладиган кўникма эмас. Масалан, мева солинган идишга қараганимизда, уларни бирма-бир санамасданоқ кўп ёки оз эканини англаймиз. Бу жараённи мия мустақил равишда бажаради», — дейди олим.
Бу назарияни текшириш учун Италиянинг Тренто университети тадқиқотчиси Марко Буиатти бошчилигида тажриба ўтказилди. Унда туғилганига 0–3 кун бўлган 21 нафар чақалоқ иштирок этди. Уларнинг мия фаоллиги электроэнцефалография (ЭЭГ) орқали кузатилди.
Тажриба давомида чақалоқларга «ла» бўғини тўрт ёки ўн икки марта такрорланган овоз эшиттирилди. Шу билан бир вақтда экранда худди шунча нуқта тасвирланган расмлар кўрсатилди.
Олимлар овоз ва тасвирдаги сонлар бир хил бўлганида мия фаоллиги пасайишини қайд этди. Бу ҳолат «такрорланишга мослашиш» деб аталади. Агар экрандаги нуқталар сони ўзгарса, нейронлар фаоллиги яна ошган.
Марко Буиаттининг айтишича, бу инсондаги туғма сон ҳиссининг нейрон даражада қайд этилган биринчи механизми ҳисобланади.
Тадқиқот муаллифлари сонларни тез баҳолаш қобилияти инсон эволюцияси давомида шаклланганини таъкидламоқда. Қадимги инсонлар учун бир нечта йиртқични биттасидан ёки кўпроқ озуқа манбасини камроғидан тез ажрата олиш яшаб қолишда муҳим аҳамиятга эга бўлган.
Олимлар, шунингдек, гўдаклик давридаги сонларни ҳис қилиш қобилияти кейинчалик боланинг математика фанини ўзлаштириш даражаси билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини қайд этмоқда. Улар ушбу механизмни янада чуқурроқ ўрганиш орқали келажакда математика фанини ўзлаштиришда қийналиши мумкин бўлган болаларни эрта аниқлаш имконияти пайдо бўлишига умид билдирмоқда.

