АҚШнинг Миннесота университети олимлари тарихда илк бор тўлиқ сунъий ҳужайра яратилганини маълум қилди. Мутахассислар унинг ўсиши, ташқи муҳитдан озиқ моддаларни қабул қилиши ва бўлиниши каби ҳаёт циклини ҳам кузатишга муваффақ бўлган.
ScienceAlert нашрининг ёзишича, ушбу кашфиёт тирик организмларнинг энг содда шакллари қандай ишлаши ҳамда ҳаётни таъминлаш учун энг кам миқдорда қандай генетик ахборот талаб этилишини аниқлашда муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Олимлар яратган SpudCell деб номланган сунъий ҳужайра геноми атиги 90 минг жуфт ДНК асосидан иборат. Бу аввалги илмий тахминларга нисбатан анча кичик бўлиб, ҳаёт учун зарур генетик маълумот ҳажми ҳақидаги қарашларни қайта кўриб чиқишга асос бўлиши мумкин.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, сунъий ҳужайра ҳали мустақил равишда яшай олмайди. У лаборатория муҳитига боғлиқ ҳолда фаолият кўрсатади. Бироқ ушбу технология келажакда янги дори воситалари, биотехнологик маҳсулотлар ва мураккаб кимёвий бирикмаларни ишлаб чиқишда муҳим аҳамият касб этиши мумкин.
Тадқиқот натижалари ҳозирча илмий ҳамжамият томонидан тўлиқ тақриздан ўтмаган бўлса-да, муаллифлар бу иш синтетик биология соҳасида янги босқични бошлаб бериши мумкинлигини таъкидламоқда.

