Навоий вилоятида икки нафар ўсмир сув каналида чўкиб ҳалок бўлди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати маълум қилди.
Ҳодиса 2 июль куни соат 13:30 атрофида содир бўлган. 2011 йилда туғилган икки нафар вояга етмаган синфдошлари билан бирга «Бешработ — Конимех» каналининг «Янгиобод» МФЙ ҳудудидан ўтувчи қисмига чўмилиш учун борган. Чўмилиш вақтида ҳар икки ўсмир сувга чўкиб кетган.
Дастлабки суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, ўлимга нафас йўлларига сув кириши оқибатида юзага келган механик асфиксия сабаб бўлган.
Шунингдек, мутахассислар канал яқинидаги сув насосини ҳам текширган. Текширув давомида ускунадан сувга электр токи сизиб чиққанлиги тасдиқланмаган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Навбаҳор тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

