Андижон шаҳрида яшовчи Наргиза Бекжонова 6 июль куни кўп ҳомилалик ташхиси билан 2-сон туғуруқ мажмуасига қабул қилинди.
Шифокорлар томонидан муддатидан олдин кесарча кесиш амалиёти ўтказилиб, натижада 5 нафар эгизак — 3 қиз ва 2 ўғил чақалоқ дунёга келди.
Чақалоқларнинг вазни мос равишда 1450 грамм, 1605 грамм, 1495 грамм, 1585 грамм ва 1205 граммни ташкил қилди.
Туғуруқ жараёни тажрибали акушер-гинекологлар, неонатологлар ва реаниматологлар иштирокида муваффақиятли ўтказилди.
Она ва чақалоқларга ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида улар Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Андижон вилояти филиалига ўтказилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича, айни пайтда она ва беш нафар чақалоқ шифокорлар назорати остида бўлиб, уларнинг аҳволи яхши.

