Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини қабул қилди. Ҳужжат навбатдаги кўриб чиқиш учун Сенатга юборилди.
Қонун лойиҳасига мувофиқ, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси 26 та ҳарф ва 3 та ҳарфлар бирикмаси ўрнига 28 та ҳарф ва 1 та тутуқ белгисидан ташкил топиши, шунингдек, айрим ҳарфларнинг қўлланилишига аниқлик киритилиши назарда тутилмоқда.
Муҳокамалар давомида депутатлар алифбодаги ўзгаришларни амалиётга босқичма-босқич жорий этиш муҳимлигини таъкидладилар. Шу муносабат билан қонун кучга киргунига қадар расмийлаштирилган ҳужжатлар, миллий валюта ва қимматли қоғозларнинг амал қилиши сақлаб қолиниши, давлат органлари ва ташкилотларининг рамзий белгилари, пешлавҳа ва кўрсаткичлари ҳамда бошқа атрибутларидан белгиланган муддатгача фойдаланиш тартиби назарда тутилмоқда.
Қайд этилишича, мазкур ёндашув давлат органлари ва ташкилотларида амалда қўлланилаётган ҳужжатлар, бланкалар, пешлавҳалар, кўрсаткичлар ҳамда бошқа моддий воситаларни бир вақтнинг ўзида алмаштириш заруратини бартараф этади. Бу эса давлат бюджети маблағларининг асоссиз сарфланишининг олдини олиш, қўшимча давлат харажатларига йўл қўймаслик ҳамда алифбодаги ўзгаришларни молиявий жиҳатдан мақбул ва босқичма-босқич амалга оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

