Ўзбекистонда халқаро юк ташувлари билан шуғулланувчи тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги чоралар жорий этилади. Президентнинг жорий йил 7 июлдаги 251-сон қарорига мувофиқ, 2027 йил 31 декабрга қадар айрим турдаги юк ташувчи транспорт воситалари импортида божхона имтиёзлари берилади.
Ҳужжатга кўра, ишлаб чиқарилганига 5 йилдан ошмаган, «Евро-5» ва ундан юқори экологик стандартларга жавоб берадиган юк автомобиллари ҳамда оғирлиги 15 тоннадан ортиқ ёки юкхонаси ҳажми камида 76 куб метр бўлган ярим тиркамалар (самосваллар бундан мустасно) импорт қилинганда уларга божхона божининг ва утилизация йиғимининг нол ставкаси қўлланилади.
Шу билан бирга, мазкур имтиёзлардан фойдаланиб олиб кирилган транспорт воситалари божхона расмийлаштирувидан кейинги уч йил ичида экспорт қилинса ёки қайта жиҳозланиб товар коди ўзгарса (ёқилғи турини ўзгартириш ҳолатлари бундан мустасно), берилган имтиёзлар бекор қилинади ва тегишли тўловлар ундирилади.
Қарорга мувофиқ, Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссияга ўн кун ичида мазкур транспорт воситаларини импорт қилишда уларни мажбурий сертификатлашдан вақтинча озод қилиш бўйича қарор қабул қилиш вазифаси юклатилди.
Ҳужжатнинг асосий мақсади республика юк автомобиллари паркни янгилаш, маҳаллий ташувчиларнинг халқаро бозордаги рақобатбардошлигини ошириш, экспорт-импорт операцияларида транспорт харажатларини камайтириш ҳамда юкларни ташқи бозорларга етказиб бериш муддатини қисқартиришдан иборат.

