Россия ҳукумати мамлакат ичида ёқилғи таъминотини барқарорлаштириш мақсадида дизель ёқилғиси экспортига вақтинчалик тўлиқ тақиқ жорий қилди. Бу ҳақда Россия бош вазири ўринбосари Александр Новак маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, чеклов 2026 йил 31 июлга қадар амал қилади. Қарор мамлакат ичида дизель ёқилғиси захираларини кўпайтириш ва ички бозордаги талабни қондириш мақсадида қабул қилинган.
Новакнинг таъкидлашича, сўнгги вақтларда Россияда мотор ёқилғисига бўлган талаб ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб учдан бир қисмга ошган. Бу эса ёқилғи қуйиш шохобчаларига юкламани кучайтириб, навбатларнинг кўпайишига ва мижозларга хизмат кўрсатиш вақтининг узайишига олиб келган.
Ҳукумат бозордаги вазиятни барқарорлаштириш учун бир қатор қўшимча чораларни ҳам амалга оширмоқда. Жумладан, июль ойидан нефть маҳсулотлари импорти бошланади, нефтни қайта ишлаш заводларида ишлаб чиқариш ҳажмлари оширилади, режалаштирилган таъмирлаш ишлари кейинги муддатга кўчирилади ҳамда аввал шакллантирилган ёқилғи захиралари ички бозорга йўналтирилади.
Шунингдек, йирик нефть компаниялари ёқилғини, аввало, ўзларининг ёқилғи қуйиш шохобчаларига ва мустақил операторлар фаолият юритадиган ҳудудларга тўғридан-тўғри етказиб бериш тизимига ўтмоқда.

