Президент томонидан «Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида»ги Конституциявий қонун имзоланди.
Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг таъкидлашича, мазкур ҳужжат жорий йилнинг энг муҳим иқтисодий янгиликларидан бири бўлиб, сўнгги қарийб ўн йил давомида амалга оширилган тизимли ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.
Қонунга мувофиқ, Тошкент халқаро молия маркази ҳудудида инвесторлар ва молиявий ташкилотлар учун алоҳида ҳуқуқий режим жорий этилади. Марказда мустақил молиявий регулятор, Тошкент халқаро тижорат суди ҳамда низоларни ҳал этишнинг замонавий механизмлари фаолият юритади.
Марказ банк ва инвестиция хизматлари, капитал бозори, суғурта, ислом молияси, финтех, рақамли активлар, активларни бошқариш, юридик ва консалтинг хизматларини қамраб олган замонавий молиявий экотизим сифатида ривожлантирилади.
2030 йилга қадар ушбу ташаббус доирасида 20–25 миллиард АҚШ долларигача қўшимча инвестициялар жалб қилиш, иқтисодиётнинг йиллик ўсишига қўшимча ҳисса қўшиш, 15 мингтагача юқори малакали иш ўрни яратиш ҳамда 10 минг нафар мутахассиснинг малакасини ошириш режалаштирилган.

