Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, Ўзбекистонда катта ёшли аҳолининг 64 фоизи ортиқча вазн ёки семизлик билан яшамоқда. Бу кўрсаткич бўйича мамлакат Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи, жаҳон рейтингида эса 59-ўринни эгаллаган.
Мутахассислар қайд этишича, мамлакатда семизлик нафақат катталар, балки болалар ўртасида ҳам жиддий муаммога айланмоқда. Ҳозирнинг ўзида қарийб 3 миллион нафар бола ва ўсмир ортиқча вазн ёки семизликдан азият чекмоқда. Шунингдек, 15–49 ёшли аёлларнинг 40 фоиздан ортиғи ҳам ушбу муаммога дуч келган.
Соғлиқни сақлаш соҳаси экспертлари семизликнинг асосий сабаблари сифатида нотўғри овқатланиш, юқори калорияли маҳсулотларни кўп истеъмол қилиш, ортиқча туз ва шакар истеъмоли, ширин газли ичимликлар, жисмоний фаолликнинг камлиги ҳамда ўтириб ишлаш тарзининг оммалашганини кўрсатган.
Шифокорлар семизлик шунчаки ташқи кўриниш билан боғлиқ муаммо эмаслигини, у қандли диабет, юрак-қон томир касалликлари, гипертония, инсульт, айрим турдаги саратон касалликлари ва бўғимлар хасталиклари ривожланиш хавфини бир неча баробар оширишини таъкидлайди.
ЖССТ прогнозларига кўра, агар вазият ўзгармаса, 2060 йилга бориб Ўзбекистон иқтисодиёти семизлик билан боғлиқ даволаш харажатлари, меҳнат унумдорлигининг пасайиши ва эрта ўлимлар туфайли 21,6 миллиард долларгача иқтисодий зарар кўриши мумкин.
Муаммони бартараф этиш учун аҳолининг овқатланиш маданиятини яхшилаш, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, жисмоний фаолликни ошириш ҳамда мактаб ва боғчаларда соғлом овқатланиш тизимини кучайтириш зарурлиги таъкидланмоқда. Бу нафақат соғлиқни сақлаш, балки мамлакатнинг келажакдаги иқтисодий барқарорлиги учун ҳам муҳим омил ҳисобланади.

