Рекламангиз учун жой

Формат: 1200x90px | Боғланиш: info@ogoh.uz

Очиқлик, ошкоралик бўлмаса, майда гап кўпаяди – Эркин Аъзам

14.07.2026 17:03

21

Мен адабиётнинг атрофида ёзиб-чизиб юрадиган одам сифатида шу музейдан, ашёларидан фойдаланаман, шу маънода манфаатдорлигим, қарзим бор. Уни асраш борасида бутун халқнинг қарзи бор. Чунки бу Навоийга тегишли жой! Навоий номидаги жой-ку! У ердаги ашёлар бутун адабиётимизнинг тарихи-ку!..

Яқин кунларда “Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи ёпилди” деган гап зиёлилар ва кенг жамоатчиликнинг муҳокама мавзусига айланди. Oyina.uz Адабиёт музейининг тақдирига бефарқ бўлмаган миллат зиёлиларининг муносабатини


“Ҳозир бутун дунё музейларида оғир жиноятлар содир бўляпти: ўғриликлар, ашёларни алмаштириб қўйишлар ва ҳоказо. Шундай бир шароитда биз катта музейимизни бежо қилишимиз, бир жойдан бошқа жойга кўчиришимиз жудаям машаққатли иш. Шунингдек, агар Янги Тошкентда ҳашаматли музей қурилиб, ўша ерга кўчиладиган бўлса ҳам бунинг ташкилий жиҳатлари жуда мураккаб, деб ўйлайман. Масалан, бу музей деган жойга одамлар бориб кўриши, томоша қилиши керак. Ўқувчилар, мутахассислар бориши керак. Кейин, ундай жойда кўчада ётмайдиган мутахассислар ишлайди. Хаттот, дейсизми, кўҳна ёзувларни ўқийдиган одамлар, деясизми. Уларнинг ҳаммасини ёш йигит-қизлар деб бўлмайди. Биз ҳамма нарса ёшларга, деб буларни чеккага, чиқитга чиқариб юбора олмаймиз. Шундай бир соҳалар борки, 80 яшар одамнинг кўзига қараб турасиз. Айниқса, мана шу музей иши, қўлёзма ишида тажриба керак. Энди шу мутахассислар у ёққа – Янги Ўзбекистонга қандай боради? Ёки уларнинг ҳаммасига ўша ердан уй қуриб бериладими? Бунинг ташкилий жиҳатлари ҳам ўйланиши, айтилиши керак эди.

Шулар айтилмагани учун майда гап кўпайиб кетди. Майда гап қачон кўпаяди? Очиқлик, ошкоралик бўлмаса, майда гап кўпаяди. Телевизордами, бошқа ердами бир мутахассисми, вазирликнинг одамими, ё музейда ишлаётган бир ходим чиқиб, “Эй биродарлар, мана шундай. Хавотирли жойи йўқ. Музейимиз Алишер Навоий ҳазрат номида қолади. Аввалгидан яхши бўлади. Биз бу яхшиликни ўйлаб қиляпмиз”, деган гаплар айтмагандан кейин майда гап кўпайяпти-да. Музейни бузар экан, жойига, масалан, портлатиб, бир инвестор келиб, уй қураркан, бизнес марказ бўларкан, деган гаплар чиқяпти. Ўйлайманки, бизнинг жамиятимиз у даражада ақлини емаган бўлса керак. Тепада ҳар ҳолда биздан оқил одамлар ўтирибди. Улар халқимизнинг, маданиятимизнинг, зиёлиларнинг, ҳазрат Навоийнинг кўзига чўп суқмаса керак. Ундай бўлмаса керак. Балки яхшиликни ўйлаб қилинаётган бўлса, таъмир қилиб, бирор маданий вазифада, масалан, кутубхонами, галериями сифатида ишлатилса керак. Лекин одамнинг ичи куядиган жойлари бор. Музейнинг ичида – деворларда жуда қимматбаҳо расмлар бор. Улар бузилса, қайта тиклашнинг иложи йўқ, кўчириб ҳам бўлмайди. У руҳни кўчириш қийин жуда.

Мен адабиётнинг атрофида ёзиб-чизиб юрадиган одам сифатида шу музейдан, ашёларидан фойдаланаман, шу маънода манфаатдорлигим, қарзим бор. Уни асраш борасида бутун халқнинг қарзи бор. Чунки бу Навоийга тегишли жой! Навоий номидаги жой-ку! У ердаги ашёлар бутун адабиётимизнинг тарихи-ку!..

Ҳозир дабдурустдан: “Йўқ, мен музей кўчишига қаршиман, жойида қолсин”, десам, балки катта бир давлат миқёсидаги сиёсатни тушунмаган одам бўлиб чиқарман. Чунки бу иш нима учун бўлаётганини билмайман. Шу боис бундай дея олмайман. Аммо мен зиёлиман, бир қаламкаш одамман. “Йўқ, сен тушунмайсан, бу катта давлат сиёсати. Бу ерда мана бу нарсалар кўзланяпти”, деб тушунтирилса, айтилса эди, мен кейин уни қўллаб-қувватлардим ёки қарши бўлардим. Мен фақат бир гапни айтаманки, музейдаги неча минг ашё, экспонатлар нима бўлади? Эшитишимча, улардинг бир қисми ФА Антропология институтига, бир қисми Ислом цивилизацияси марказига ўтказиларкан. У ерларда шароитлар ёмон эмас. Лекин бир уйдан иккинчи уйга кўчса, қанча нарса йўқолади, синади. У музей-ку, унинг ҳар битта варағи бебаҳо-ку! Битта варағини қанчага пуллаш мумкин. Йўлда сочилиб кетиши, йиртилиши, йўқолиб қолиши мумкин… Шунинг учун кўчишнинг бу томонлари жуда мураккаб иш. Шуни кўч-қоч қилмасдан, Янги Тошкентдаги бинога кўчгунча ҳозирги жойида сақлашга шароит яратиб бериш тинчроқ, хавфсизроқ бўларди.

Бундай хом ишни ким қиляпти, Маданият вазирлигими? “Душман” ким ўзи? Биз билмаяпмиз-да. Бундан давлатимиз раҳбарининг хабари бўлмаса керак. Ёки хабари бўлса ҳам у кишига бошқача – нотўғри информация берилган, балки. Мен у киши куппа-кундузи шундай бир улуғ жойни патарот қилиб, кўчиргин, дейишига ишонмайман. Шунинг учун майда гапни кўпайтирмаслик керак-да, бу ишнинг бошида турган мутасадди тезгина, мужмалланмай музей биноси, экспонатлари келажаги ҳақида батафсил, кафолатли жавоб бериши керак. Қани, менда ваколат бўлса, ўзим телевизорга чиқар эдим – “Эй биродарлар, шошманглар, ҳовлиқманглар. Бу ишдан мана бундай катта мақсад кўзланган. Бунақа ҳовлиқмайлик, майда гап қилмайлик”, деб айтар эдим. Афсуски, менда бундай информация йўқ ва билишимча, ҳеч кимда йўқ. Шунинг учун мана шундай норозиликлар, майда гаплар келиб чиқяпти. Мен зиёли сифатида, шу юртнинг бир одами сифатида, бир қаламкаш сифатида талаб қиламан ва Навоийнинг бир мухлиси, адабиётнинг мухлиси сифатида айтаманки, бундай нозик ишлардан олдин маслаҳат бўлиши керак. Тўйнинг ҳам, азанинг ҳам маслаҳати бўлади. Ана шу маслаҳатнинг йўқлиги ҳаммамизни хафа қиляпти. Биз ақлли, доно халқмиз, шунинг учун бошимизда турган уддабурон, оқил раҳбарлар буни яна бир карра ўйлаб кўриб, жамоатчиликка, зиёлиларга оқил тушунтиришини айтади, деб ишонаман.”

Эркин АЪЗАМ,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси

Наргиза Одинаева ёзиб олди.


Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган