Андижон ва Сирдарё вилоятларида ҳоким ёрдамчиларининг имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштирганлик ҳолатлари фош этилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Олтинкўл тумани бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда "У.Т." ва "Қ.А." МЧЖларнинг масъул шахслари, "Қайирма" МФЙ ҳоким ёрдамчиси ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, фуқароларга иссиқхона фаолиятини кенгайтириш мақсадида ажратилган имтиёзли кредит маблағларини хизмат кўрсатувчи корхоналар томонидан амалда бажарилмаган ишларни ҳужжатларда бажарилди деб кўрсатиб, 442,3 млн сўмлик имтиёзли кредит маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганликлари аниқланган.
Департаментнинг Мирзаобод тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда "Тошкент" МФЙ собиқ ҳоким ёрдамчиси ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, мазкур МФЙда яшовчи 8 нафар фуқарога ажратилган 248 млн сўмлик имтиёзли кредит маблағларини таъминотчи корхоналар орқали талон-торож қилганликлари аниқланган.
Департаментнинг Андижон шаҳри бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда "L.A." МЧЖ раҳбари А.К. ва “Форобий” МФЙ собиқ ҳоким ёрдамчиси ўзаро тил бириктириб, фуқароларга ажратилган 163 млн сўмлик имтиёзли кредит маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

