Кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш ва фуқароларни доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш билан боғлиқ қатор тартиб-таомиллар соддалаштирилди. Бу бўйича тегишли қарорни 15 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев имзолади.
Асосий ўзгаришлардан бири — энди фуқароларга тақиқ ёки хатлов қўйилган уй-жойларда ҳам доимий рўйхатдан ўтишга рухсат берилди. Аввал бундай ҳолатда гаров олувчининг розилиги талаб этилар эди. Бироқ бундай уй-жойга рўйхатдан ўтаётган шахс келгусида мулкдор, гаров олувчи ёки ваколатли давлат органининг мурожаатига асосан унинг рўйхатдан ўтгани бекор қилиниши мумкинлигига олдиндан розилик билдириши лозим.
Шунингдек, уй-жойга бўлган мулк ҳуқуқини ўз вақтида давлат рўйхатидан ўтказмаган мулкдорлар учун ҳам тартиб ўзгарди. Энди белгиланган муддатни ўтказиб юборганлик учун маъмурий жавобгарлик қўлланилмайди. Бунинг ўрнига рўйхатдан ўтказиш йиғими оширилади ва унинг миқдори муддат қанча кечиктирилганига қараб белгиланади.
Ўзгаришлар яқин қариндошлардан мерос ёки ҳадя тариқасида олинган уй-жойларни солиққа тортиш тартибига ҳам тааллуқли бўлди. Энди бундай уй-жойни сотишдан олинган даромадни солиқдан озод этиш муддати мерос қолдирувчи ёки ҳадя қилувчининг ушбу кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган санадан бошлаб ҳисобланади.
Бундан ташқари, яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтишнинг янги қоидалари жорий этилди. Агар фуқаронинг бир нечта уй ёки квартираси бўлса, у доимий яшаш жойи сифатида фақат биттасида рўйхатдан ўтиши мумкин бўлади.
Вояга етмаган фуқаролар эса ота-онаси, ота-онасидан бири ёки қонуний васийси рўйхатдан ўтган манзил бўйича рўйхатга олинади.

