Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона қўмитаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Африкадан юборилган курьерлик жўнатмасидан 728 грамм кокаин аниқланди.
Маълум қилинишича, Серра-Леоне давлатидан юборилган жўнатмани Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги хусусий курьерлик хизмати орқали қабул қилиб олаётган пайтда Яшнобод туманида яшовчи, 1983 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс қўлга олинган.
Текширув давомида автоэҳтиёт қисмлари ичига яширилган 728 грамм кокаин борлиги аниқланиб, гиёҳвандлик моддаси далилий ашё сифатида расмийлаштириб олинди. Шунингдек, гумонланувчининг яшаш хонадонидан кукунсимон моддалар ҳамда таркибида наркотик моддалар бўлган ширинликлар ҳам топилди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, ДХХ ва Ички ишлар органлари ходимлари Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ўтказган тезкор тадбирда 1971 йилда туғилган фуқаро ноқонуний равишда гиёҳвандлик ўсимликларини етиштириб келаётганини аниқлади.
Гилавасой қишлоғи ҳудудидаги ер майдони кўздан кечирилганда 17 минг 600 туп кўкнори ва 9 туп каннабис ўсимлиги топилди. Шунингдек, унинг хонадонидан қуритилган кўкнори бошоқлари ҳамда майдаланган кўкнори ҳам ашёвий далил сифатида олинган.
Ушбу ҳолат бўйича ҳам Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов давом этмоқда.

