Вазирлар Маҳкамасининг янги қарори лойиҳасига кўра, Ўзбекистон фуқароларининг хорижий сафарлари давомида хавфсизлигини таъминлаш ва уларнинг ҳуқуқларини кафолатлашнинг янги тизими жорий этилади.
Хусусан, қуйидаги муҳим ўзгаришлар назарда тутилмоқда:
➖ Чиқиш туризми билан шуғулланувчи туроператорлар лицензия олиш учун Туризм қўмитаси ҳузурида ташкил этиладиган “Хавфсиз туризм” жамғармасига камида 50 минг АҚШ доллари эквивалентидаги маблағни захира сифатида жойлаштириши лозим бўлади. Ушбу маблағ туроператор ёки турагент айби билан туристга етказилган моддий зарарни қоплаш, шунингдек, фавқулодда ҳолатларда уларни эвакуация қилиш, вақтинча жойлаштириш ва ватанга қайтариш харажатларини қоплаш учун ишлатилади.
➖ Ҳар бир сотилган турпакет бўйича туроператор томонидан БҲМнинг 0,15 баравари (ҳозирда 56 250 сўм) миқдорида мақсадли кафолат йиғими “Хавфсиз туризм” жамғармасига тўланади. Ушбу йиғим турпакет нархи таркибига киритилади ва туристдан алоҳида тўлов сифатида ундирилмайди. Йиғим тўланганидан сўнг туристга автоматик тарзда “туркод” берилади. Туркод туристик маҳсулот расмий рўйхатдан ўтганини, кафолат йиғими тўланганини ҳамда турист давлатнинг кафолатлаш тизимига киритилганини тасдиқлайди. Туркодсиз туристик маҳсулотни сотишга йўл қўйилмайди.
➖ Хорижий туроператорлар Ўзбекистон фуқароларига туристик пакетларни фақат маҳаллий лицензияланган туроператор билан шартнома асосида ёки Ўзбекистонда лицензияга эга ўз юридик шахси орқали сотиши мумкин бўлади.
➖ Турагентларга чет эл туроператорлари маҳсулотларини маҳаллий лицензияланган туроператор иштирокисиз, жумладан, ижтимоий тармоқлар, онлайн платформалар ва мобил иловалар орқали тўғридан-тўғри сотиш тақиқланади.
➖ Камида 3 йил давомида қонунбузарликларсиз ишлаган ва тўланган мақсадли кафолат йиғимлари жами 150 минг АҚШ долларидан ошган туроператорлар учун ортиқча тўланган маблағ кейинги кафолат йиғимлари ҳисобига ўтказилади.
Қарорга мувофиқ, агар турист меҳмонхона ёки трансфер тўланмагани, қайтиш чиптаси бекор қилингани, туроператор ўз мажбуриятини бажармагани ёки бошқа фавқулодда ҳолатлар сабабли хорижда қолиб кетса, Жамғарма маблағлари ҳисобидан уни ватанга қайтариш, зарур ҳолларда вақтинча яшаш жойи ва озиқ-овқат билан таъминлаш чоралари кўрилади.
Шунингдек, ҳужжат билан мавжуд туроператорларнинг лицензиялари янги талабларга мувофиқлаштирилади ҳамда келгусида мустақил равишда хорижга саёҳат қилувчи фуқароларни фавқулодда ҳолатларда ҳимоя қилиш механизмини ишлаб чиқиш ҳам режалаштирилмоқда.
Ушбу қарор қабул қилингач, эълон қилинганидан 3 ой ўтиб кучга кириши белгиланган.

