Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллаларга янги муҳит олиб кириш ҳамда «маҳалла еттилиги» фаолиятини янгича ташкил этишга бағишланган видеоселектор йиғилиши бошланди.
Йиғилишда давлат раҳбари жорий йилда туманларга ўртача 250 миллиард сўмдан, маҳаллаларга эса 5,5 миллиард сўмдан маблағ ажратилганини таъкидлади. Шунингдек, туман ҳокимлари ва маҳалла раисларининг тушум бўйича ваколатлари кенгайтирилиши натижасида ҳудудларда қўшимча даромад ҳажми икки баробаргача ошгани қайд этилди.
Йиғилишда айрим маҳаллаларда муаммолар ўз вақтида ҳал этилмаётгани танқидий таҳлил қилинди. Хусусан, «Ташаббусли бюджет» дастури доирасида жорий йил 7,5 триллион сўм ажратилган бўлса-да, 2 136 та маҳаллада бирорта ҳам лойиҳа ғолиб бўлмагани таъкидланди.
Президент маҳалладаги ҳамжиҳатлик, дахлдорлик ва ташаббускорлик айнан амалий натижалар билан баҳоланишини қайд этди.
Шунингдек, йиғилишда маҳаллаларда кичик лойиҳаларни кўпайтириш ва аҳолини иш билан таъминлаш масалалари ҳам танқидий муҳокама қилинмоқда.

