Президент Халқ қабулхонаси томонидан Тошкент вилоятида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ҳолати таҳлил қилинди. Қайд этилишича, жорий йилнинг сўнгги олти ойида вилоят аҳолисидан 40 мингта мурожаат келиб тушган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 фоизга кўп. Мурожаатларни ижобий ҳал этиш кўрсаткичи эса 36,2 фоизни ташкил этган.
Ярим йиллик якунларига бағишланган йиғилишда айрим туманларда электр таъминотидаги узилишлар, иш ҳақи тўловлари, маиший чиқиндиларни олиб кетиш ҳамда ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ муаммолар юзасидан мурожаатлар республикадаги энг юқори кўрсаткичлардан бири экани таъкидланди.
Шунингдек, сайёр ва шахсий қабулларни ташкил этишдаги камчиликлар танқид қилиниб, мутасаддиларга мурожаатларни ҳудуднинг ўзида қабул қилиш, уларни тезкор ҳал этиш, сайёр қабулларни ўз вақтида ўтказиш ва самарадорлигини ошириш бўйича топшириқлар берилди.
Таҳлиллар давомида давлат хизматчилари фаолияти юзасидан ҳам кўплаб шикоятлар қайд этилди. Энг кўп мурожаатлар ички ишлар органлари (367 та), маҳалла раислари (248 та), Мажбурий ижро бюроси ходимлари (212 та), соғлиқни сақлаш тизими (173 та) ва таълим тизими (115 та) фаолиятига тўғри келган.
Мурожаатлар билан ишлашда йўл қўйилган камчиликлар учун 43 нафар масъул расмий огоҳлантирилди, 8 нафар лавозимидан озод этилди, 5 нафарга ҳайфсан берилди ҳамда бир ҳолатда ойлик иш ҳақидан жарима ундирилди.
Йиғилишда ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди. Президент Халқ қабулхонаси бошлиғи Насиба Кулбековани Тошкент вилояти Халқ қабулхонаси мудири ўринбосари лавозимига тайинлангани муносабати билан йиғилиш иштирокчиларига таништирди.

