Ўзбекистон Президенти қарори билан Рустам Жўраев Президент Давлат хавфсизлик хизмати раиси лавозимига тайинланди. Шунингдек, унга генерал-лейтенант махсус унвони берилди.
Тайинловга қадар Рустам Жўраев Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи лавозимида фаолият юритган.
Шу муносабат билан Президент Давлат хавфсизлик хизматига 2020 йил декабрь ойидан буён раҳбарлик қилиб келган Алишер Усмонов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Алишер Усмонов мазкур тайинловга қадар Давлат хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари сифатида ишлаган. У 2007 йилда II даражали «Шон-шараф» ордени билан тақдирланган.
Шу тариқа, Президент Давлат хавфсизлик хизмати раҳбариятида кадрлар алмашинуви амалга оширилди. Рустам Жўраев энди мамлакат раҳбарининг хавфсизлигини таъминлашга масъул бўлган ушбу тузилмага раҳбарлик қилади.

