Венесуэлада юз берган кучли иккита зилзиланинг аянчли оқибатлари ҳануз бартараф этилгани йўқ. Мамлакат расмийлари маълумотига кўра, табиий офат қурбонлари сони 5208 нафарга етган, 16 740 киши жароҳат олган. Шунингдек, қутқарувчилар вайроналар орасидан 6462 нафар фуқарони тирик қутқаришга муваффақ бўлган.
Бу ҳақда Венесуэла Миллий ассамблеяси раиси Хорхе Родригес ўзининг Telegram-канали орқали маълум қилди. Сўнгги бир сутка ичида ҳалок бўлганлар сони яна 139 нафарга ошган, қутқарилганлар сони эса ўзгаришсиз қолган.
Ҳукумат маълумотига кўра, табиий офатдан жабрланган 128 324 та оилага ёрдам кўрсатилган. Мажбурий кўчирилган аҳоли учун 107 та вақтинчалик бошпана ташкил этилган бўлиб, ҳозирда уларда 23 820 нафар киши яшамоқда. Шу билан бирга, 17 907 нафар фуқаро уй-жойидан айрилган.
Зилзила инфратузилмага ҳам катта зарар етказган. Жами 856 та бино шикастланган, улардан 190 таси бутунлай вайрон бўлган.
Мутахассислар қайд этишича, ҳудудда сейсмик фаоллик ҳали ҳам давом этмоқда. 19 июль ҳолатига кўра, 1388 та афтершок (такрорий ер силкинишлари) қайд этилган.
Офат оқибатларини бартараф этиш ишларига 30 989 нафар фавқулодда хизмат ходими, 31 745 нафар кўнгилли ҳамда 2278 нафар хорижлик қутқарувчи жалб қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 24 июнь куни Венесуэлада бир-биридан 39 сония фарқ билан 7,2 ва 7,5 магнитудали иккита кучли зилзила содир бўлган эди. Ушбу ҳалокатдан сўнг мамлакатда фавқулодда ҳолат режими жорий этилди, қатор давлатлар эса Венесуэлага гуманитар ёрдам ва қутқарув гуруҳларини юборди.

