Фарғона шаҳрида ўз чақалоғини сотишга уринганликда айбланган эр-хотин суд ҳукми билан 5 йилдан озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда суд материалларига таяниб хабар берилди.
Маълум бўлишича, Қўқон шаҳрида туғилган эр-хотин шаръий никоҳ асосида яшаб келган бўлиб, 2025 йил октябрида ўғил фарзандли бўлган. Кейинчалик оила бошлиғи иш излаб Фарғона шаҳрига келган, ортидан рафиқаси ва чақалоғини ҳам олиб келган.
Судда кўрсатма берган аёлнинг айтишича, моддий қийинчиликлар ва оилавий келишмовчиликлар туфайли фарзандини бошқа шахсга беришга рози бўлган. Унинг сўзларига кўра, дастлаб бундай таклифни рад этган, аммо боланинг яхши шароитда яшаши ҳақидаги ваъдалардан кейин фикрини ўзгартирган.
Айбланувчи аёл пулни қарзларини тўлаш ҳамда Туркияга ишлаш учун бориш режаларини амалга оширишга сарфламоқчи бўлганини ҳам маълум қилди. Шунингдек, бу масалани турмуш ўртоғи билан муҳокама қилганини айтди.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди ҳар икки судланувчини Жиноят кодексининг 135-моддаси (Одам савдоси) бўйича айбдор деб топиб, уларнинг ҳар бирига 5 йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Суд қарорига кўра, чақалоқ давлат ҳимоясига олинди. Унинг тақдири Қўқон шаҳар Инсон ижтимоий ҳимоя агентлиги ҳамда шаҳар ҳокимлигининг болаларни ҳимоя қилиш бўлими назоратига топширилди.
Репортажда чақалоқнинг аниқ ёши ҳамда уни бериш эвазига олиниши режалаштирилган маблағ миқдори очиқланмаган.

