Конго Демократик Республикасида Эбола вируси тарқалиши тобора кучаймоқда. Мамлакат расмийларининг сўнгги маълумотларига кўра, лабораторияда тасдиқланган касалланиш ҳолатлари сони 2344 нафарга етган. Сўнгги 24 соат ичида яна 77 та янги ҳолат қайд этилган.
Шу билан бирга, Эбола қурбонлари сони 930 нафарга етди. Бир сутка давомида 37 нафар бемор вафот этган. Ҳозирги кунда касалликдан ўлим даражаси 39,7 фоизни ташкил этмоқда.
Айни пайтда 724 нафар бемор шифохоналар ва махсус изоляция марказларида даволанмоқда. Эпидемия тарқалишини чеклаш мақсадида беморлар билан мулоқотда бўлган шахсларни кузатиш ишлари ҳам давом этмоқда. Бу йўналишда қамров даражаси 85,8 фоизга етган.
Эбола вирусининг ушбу янги авж олиши 15 май куни бошланган бўлиб, у Конго Демократик Республикасининг шарқий ҳудудлари ҳамда қўшни Угандани қамраб олган. Эпидемиянинг асосий ўчоғи Итури провинцияси ҳисобланади. Ҳозирга қадар вирус мамлакатнинг жами бешта провинциясида тарқалган.

