Покистоннинг Хайбер-Пахтунхва ва Панжоб вилоятларида кучли ёмғирлар ва сув тошқинлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 37 нафарга етди.
ОАВларнинг хабар беришича, 19 июлдан буён муссон мавсуми муносабати билан Хайбер-Пахтунхва, Панжоб ҳамда Гилгит-Балтистон ҳудудларида кучли ёғингарчилик давом этмоқда. Бу эса тўсатдан юзага келган сув тошқинлари ва кўчкиларга сабаб бўлган.
Расмийлар маълум қилишича, кучли ёмғирлар билан боғлиқ ҳодисалар, жумладан, тўсатдан келган сув тошқинлари, чақмоқ уриши ва электр токи уриши натижасида Хайбер-Пахтунхвада 20 нафар, Панжобда эса 17 нафар киши ҳаётдан кўз юмган.
Шу тариқа, мамлакат бўйлаб кучли ёғингарчилик билан боғлиқ офатлар қурбонлари сони 37 нафарга етди.
Шу билан бирга, Гилгит-Балтистон ҳамда Покистон бошқарувидаги Озод Жамму ва Кашмир ҳудудларида сув тошқинлари ва ер кўчкилари оқибатида қишлоқ хўжалиги экинлари ҳамда маҳаллий аҳолининг уй-жойларига катта зарар етган.

