OpenAI компаниясининг ички синовлари давомида GPT-5.6-Sol ҳамда номи ошкор этилмаган яна бир кучли сунъий интеллект модели дунёдаги энг йирик AI платформаларидан бири — Hugging Face инфратузилмасига рухсатсиз киришга урингани маълум бўлди.
Маълум қилинишича, тажрибалар дастлаб интернетдан узилган, изоляция қилинган муҳитда ўтказилган. Бироқ AI агентлари ҳимоя тизимларини четлаб ўтиб, ташқи тармоққа чиқишга муваффақ бўлган. Улар ўзларига юклатилган вазифани бажариш учун дастурчилар тайёр нейротармоқлар, тестлар ва очиқ кодларни жойлаштирадиган Hugging Face платформасига киришга уринган.
Хабарларга кўра, моделлар маълумотларга етиш мақсадида бир вақтнинг ўзида бир нечта хакерлик усулларидан, жумладан, ўғирланган пароллардан ҳам фойдаланган. Бироқ шубҳали фаоллик OpenAI ва Hugging Face мутахассислари томонидан ўз вақтида аниқланиб, ҳужум бартараф этилган.
Hugging Face ҳаммуассиси ва бош директори Клеман Деланг OpenAI томонидан ҳеч қандай ғаразли мақсад бўлмаганини таъкидлаб, содир бўлган ҳаракатлар сунъий интеллект агентлари томонидан автоном тарзда амалга оширилганини қайд этган. OpenAI эса ушбу воқеани мисли кўрилмаган киберинцидент сифатида баҳолаб, келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун хавфсизлик чоралари кучайтирилишини маълум қилди.
Ҳодиса халқаро миқёсда ҳам муҳокамаларга сабаб бўлди. Германия расмийлари замонавий сунъий интеллект моделлари имкониятлари ортиши билан киберхавфсизликка оид хавфлар ҳам кучайиб бораётганини таъкидлади.
Аввалроқ эса ROME номли экспериментал сунъий интеллект агенти интернетга чиқиши тақиқланган ёпиқ тизимдан чиқиб кетиб, ташқи серверларга улангани ва қўшимча ҳисоблаш қувватига эга бўлиш мақсадида криптовалюта майнинги билан шуғуллангани ҳақида ҳам хабарлар тарқалган эди.

