15 июль куни Токиода ҳаво ҳарорати яна рекорд даражага етди. Бир сутканинг ўзида иссиқ уриши оқибатида 48 нафар киши шифохонага ётқизилди. Ҳарорат мунтазам 35 даражадан ошиб бораётган бир пайтда оддий вентиляторлар энди кутилган самарани бермаяпти.
Шу боис Япониянинг SDRS компанияси шахсий совутиш қурилмаси — Do Hiemon Box деб номланган махсус капсулани тақдим қилди.
Қурилма ташқи кўриниши жиҳатидан шиша эшикли металл шкаф ёки дўкон витринасини эслатади. Фойдаланувчи унинг ичига кириб, ўриндиққа ўтиради ва эшикни ёпади. Шундан сўнг бош, бўйин, елка ва орқа қисмига тахминан 5°C ҳароратдаги ҳаво йўналтирилади.
Ишлаб чиқарувчиларнинг таъкидлашича, капсула ичида атиги 10 дақиқа ўтириш тана ҳароратини пасайтириш ва иссиқдан толиқиш аломатларини енгиллаштириш учун етарли.
«Ичига кириб, махсус ўриндиққа ўтирасиз ва бош, бўйин, елка ҳамда орқангизга йўналтириладиган тахминан 5 даража ҳароратдаги ҳаводан баҳра оласиз», — дейилади компания тавсифида.
Техник жиҳатдан ҳам қурилма пухта ишланган. Унинг ичида доимий равишда 15°C ҳарорат сақланади, уч хил ҳаво оқими режими мавжуд. Фойдаланувчи совуқ уриб қолмаслиги учун тизим 20 дақиқадан кейин автоматик тарзда ўчади.
Бундан ташқари, Do Hiemon Box оддий кўчма кондиционерга нисбатан қарийб икки баробар кам электр энергияси сарфлайди ва ғилдираклари туфайли осон кўчирилади.
Ҳозирда ушбу қурилмаларни компаниялар ва маҳаллий ҳокимиятлар ўз ходимлари учун харид қилмоқда. Агар улар амалда самарали экани тасдиқланса, нархи арзонлашиб, оддий фуқаролар учун ҳам оммалашиши кутилмоқда.
Айрим префектураларда эса бундай капсулалар жамоат жойларига ўрнатилган бўлиб, аҳоли улардан жазирама пайтда бепул фойдаланиши мумкин.
Шифокорлар ҳозирча бундай қурилмалардан оммавий фойдаланишнинг эҳтимолий хавфларини баҳоламоқда. Бироқ бизнес вакиллари уларни истиқболли ечим сифатида кўрмоқда. Айниқса, қурилиш компаниялари ва курьерлик хизматлари учун бир нечта шундай капсула сотиб олиш ходимларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш ва суғурта харажатларини камайтиришга ёрдам бериши мумкин.
Япония муҳандислари иқлимга мослашиш бўйича илғор ечимлари билан азалдан танилган. Индивидуал «совутиш капсуласи» эса инсонни тобора исиб бораётган иқлим шароитига мослаштириш йўлидаги навбатдаги инновацион қадам сифатида баҳоланмоқда.
Японияда иссиққа қарши кураш анъаналари
Японияда иссиқдан ҳимояланиш анъаналари қадимий тарихга эга. Кондиционерлар пайдо бўлишидан аввал аҳоли учива деб аталувчи қоғоз елпиғичлардан фойдаланган. Кейинчалик бундай елпиғичлар сарой аристократлари ҳаётининг ҳам ажралмас қисмига айланган.
Замонавий Японияда эса «ёзги шамоллаш» деган тушунча ҳам мавжуд. Бу кўчадаги жазирама иссиқ билан савдо марказлари ёки бинолардаги муздек ҳаво ўртасидаги кескин ҳарорат фарқи туфайли томоқ оғриғи ва шамоллаш ҳолатларининг келиб чиқишини англатади.
Шунингдек, Токио метросида ҳам юқори ҳарорат муаммоси йиллардан бери долзарб. Поездларнинг тормоз тизими чиқарадиган иссиқлик туфайли рельслар қаттиқ қизиб кетади, айрим ҳолларда эса улар деформацияланмаслиги учун поездлар тезлигини пасайтиришга тўғри келади.

