Полякалик экстремал Дэмиан Каспшик қор уюми остида 2 соат 12 дақиқа 12 сония қолиб, Гиннесс рекордлар китобига кирди.
Мазкур натижа Гиннесс рекордлари экспертлари томонидан расман тасдиқланиб, у қор уюми остида энг узоқ вақт қолган инсон сифатида янги жаҳон рекордини ўрнатди.
Бу Дэмиан Каспшик учун совуққа чидамлилик бўйича илк рекорд эмас. У аввал ҳам 5 соат 1 дақиқа 33 сония давомида муз ичида қолиб, Гиннесс рекордлар китобига кирган эди.
Янги синовга тайёргарликда полякалик машҳур спортчи Валерьян Романовский муҳим роль ўйнаган. Эркаклар ўртасида муздек сувда энг узоқ вақт қолиш бўйича жаҳон рекорди соҳиби бўлган Романовский Каспшикнинг жисмоний ва руҳий тайёргарлигига яқиндан ёрдам берган.
Каспшикнинг таъкидлашича, махсус тайёргарликсиз инсон организмини бундай даражадаги совуқ таъсирига дош бериш деярли имконсиз.

