Рекламангиз учун жой

Формат: 1200x90px | Боғланиш: info@ogoh.uz

Солиқ қўмитаси раисининг собиқ биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев 8,2 йилга қамалди

27.07.2026 17:59

18

Мирзаев Жиноят кодекси 168-моддаси 4-қисмининг “а” банди (ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш), 205-моддаси 2-қисмининг “а” банди (мансаб ваколатини жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда суиистеъмол қилиш) ва 208-моддасида (ҳокимият ҳаракатсизлиги) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.

Солиқ қўмитаси раисининг собиқ биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев 8,2 йилга қамалди.

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида судланувчи Мубин Мирзаев (1969 йилда туғилган, маълумоти олий, муқаддам судланмаган, Солиқ Қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган) ва бошқаларга (жами 9 нафар) оид жиноят иши юзасидан ҳукм ўқилди.

Суднинг ҳукми билан Мубин Мирзаев Жиноят кодекси 168-моддаси 4-қисмининг “а” банди (ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш), 205-моддаси 2-қисмининг “а” банди (мансаб ваколатини жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда суиистеъмол қилиш) ва 208-моддасида (ҳокимият ҳаракатсизлиги) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан 3 (уч) йил муайян ҳуқуқдан маҳрум қилган ҳолда 8 (саккиз) йил 2 (икки) ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Бошқа судланувчилар (улар орасида муқаддам бир неча марта судланганлар ҳам бор) Жиноят кодексининг 141-2-моддаси (шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 184-моддаси (солиқларни ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш) 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш), 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) ва бошқа моддаларнинг тегишли қисми ва бандлари билан айбдор деб топилиб, улар 4 (тўрт) йилдан 9 (тўққиз) йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум этилди.

Шунингдек, суд ҳукми билан етказилган зарарлар ундирилиши ҳам белгиланди.

Тайинланган жазолар судланувчиларга нисбатан "қамоққа олиш" эҳтиёт чораси қўлланилган кундан бошлаб ҳисобланади.

Якунда раислик этувчи томонидан тарафларга суд ҳукми мазмуни ва унга нисбатан шикоят бериш тартиби ҳамда муддатлари тушунтирилди.

Эслатиб ўтамиз, Мубин Мирзаев 2026 йил январ ойи охирида ишдан олинганди.

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган