Ўзбекистоннинг бир нечта ҳудудида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси тизими ходимларининг коррупцияга оид жиноятлари фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълум қилди.
Маълум қилинишича, Сирдарё вилоятида Гулистон шаҳар Санэпидбўлими шифокор ёрдамчиси тайёр озиқ-овқат маҳсулоти учун ижобий санитария хулосасини расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, 300 АҚШ доллари ва 1,2 млн сўм олган вақтида ушланган.
Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманида санитария врачи нон ишлаб чиқариш цехига санитария-гигиена хулосасини чиқариб бериш эвазига 9 млн сўм талаб қилиб, келишилган пулнинг 400 АҚШ долларини олган пайтда қўлга тушган. Тергов давомида у аввал ҳам 100 АҚШ доллари ва 500 минг сўмни фирибгарлик йўли билан олгани аниқланган.
Хоразм вилоятида эса Урганч шаҳар Санэпидбўлими ходими умумий овқатланиш шохобчасини очиш учун рухсатнома расмийлаштириб бериш ва 6 ой давомида жарима қўлланмаслигини ваъда қилиб, 2,4 млн сўм олган вақтида ушланган.
Наманган шаҳридаги Санэпидбўлими шифокор ёрдамчиси эса нодавлат мактабгача таълим муассасаси учун ижобий хулоса тайёрлаб бериш эвазига 1,2 млн сўм олган вақтида қўлга олинган.
Барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг фирибгарлик ва пора билан боғлиқ моддалари асосида жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

