Нукус шаҳридаги қозонхона когенерация технологиялари асосида модернизация қилинади. Лойиҳа доирасида соатига 34,4 гигакалория (амалдаги қувват 1,6 гигакалория) иссиқлик ва 21,5 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга замонавий мажмуа барпо этилади.
Шунингдек, 28километр иссиқлик тармоғи тортилиб, 189 та индивидуал иссиқлик пункти ўрнатилади. Кўп қаватли уйлар ва ижтимоий объектларнинг ички иситиш тизимлари тикланади, зарур газ ва электр инфратузилмаси янгиланади.
Биринчи босқичда 136 та кўп қаватли уйдаги қарийб 6 минг хонадон, яъни 23минг нафар аҳоли ҳамда 40 та ижтимоийсоҳа объекти марказлашган иссиқлик таъминоти билан қамраб олинади. Кейинги босқичларда Нукус шаҳридаги барча кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектларини марказлашган иссиқлик тизимига улаш кўзда тутилган.
Лойиҳанинг дастлабки босқичига 20 млн доллардан зиёд тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилиниб, мажмуани 2028 йил февраль ойида тўлиқ ишга тушириш режалаштирилган.
Йилига 12,2 млн куб метр табиий газ тежалади, атмосферага чиқариладиган зарарли моддалар ҳажми ҳам сезиларли қисқаради.

