Ҳукуматнинг 2026 йил 29 июлдаги 411-сон қарори билан бошланғич таълим ўқитувчиларига миллий сертификат бериш бўйича малака имтиҳонларини ўтказиш тартиби тасдиқланди.
Унга кўра, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб В+ ва ундан юқори даражадаги миллий сертификатга эга, бошланғич синфларда дарс берадиган ўқитувчиларга сертификат амал қилган муддат давомида давлат бюджети ҳисобидан ойлик маошининг 15 фоизи миқдорида қўшимча устама тўланади.
Қарорга мувофиқ, миллий сертификат бериш бўйича ваколатли орган этиб Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги белгиланди. Имтиҳонда иштирок этиш учун талабгорлар ариза топшириш вақтида базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида тўловни амалга оширади.
Малака имтиҳони натижалари халқаро Раш модели асосида баҳоланади. 70 ва ундан юқори балл тўплаганларга А+, 65–69,9 баллга А, 60–64,9 баллга В+, 55–59,9 баллга В, 50–54,9 баллга С+, 46–49,9 баллга эса С даражали миллий сертификат берилади.
Талабгорларнинг билим даражаси, ўқитиш методикаси ва педагогик маҳорати тест синовлари орқали баҳоланади. Аризалар my.gov.uz портали орқали электрон шаклда қабул қилинади. Имтиҳондан муваффақиятли ўтганларга 1 иш куни ичида QR-кодли электрон сертификат юборилади. Шунингдек, натижалар эълон қилинганидан кейин 3 кун ичида электрон тарзда апелляция бериш имконияти ҳам мавжуд.
Шу билан бирга, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб ҳуқуқшунослик фанини билиш даражасини аниқлаш ва миллий сертификат бериш тизими ҳам жорий этилади.

