Конго Демократик Республикасида Эбола иситмаси тарқалиши оқибатида вафот этганлар сони 1,5 минг нафардан ошди.
Ҳукумат маълумотига кўра, 30 июль ҳолатига мамлакатда 3 442 нафарда Эбола вируси тасдиқланган. Улардан 1 521 нафари вафот этган. Сўнгги бир суткада яна 82 та янги касалланиш ҳолати ва 34 та ўлим қайд этилган.
Маълум қилинишича, касалликнинг асосий ўчоғи Итури вилояти бўлиб, барча ҳолатларнинг қарийб 90 фоизи айнан шу ҳудуд ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, вирус мамлакатнинг яна беш вилоятида, жумладан, йирик шаҳарлардан бири — Кисанганида ҳам аниқланган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу сафарги эпидемияга Бундибугио штамми сабаб бўлган. Ҳозирча ушбу вирусга қарши тасдиқланган вакцина ёки самарали даволаш воситаси мавжуд эмас.
Айни пайтда 797 нафар бемор изоляцияга олинган ёки шифохонада даволанмоқда. Яна 615 нафар бемор касалликни енгиб чиққан.
Ҳозирда зарарланганлар билан мулоқот қилганларнинг атиги 78 фоизи кузатувга олинган. Вирус тарқалишини тўхтатиш учун эса бу кўрсаткич камида 95 фоизни ташкил этиши лозим.

