Тошкент шаҳрида уйида ёлғиз қолиб кетгани ҳақида хабар тарқалган 86 ёшли аёл Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказига жойлаштирилди. Бу ҳақда Ижтимоий миллий ҳимоя агентлиги маълум қилди.
Маълум қилинишича, агентлик мутахассислари ҳолатни жойига чиққан ҳолда ўрганган. Аниқланишича, фуқарога 2026 йил 11 июндан бошлаб уй шароитида ижтимоий-маиший ёрдам кўрсатиш хизмати йўлга қўйилган бўлиб, унга ҳафтасига тўрт марта хизмат кўрсатилган.
Қўшимча тиббий кўрик натижаларига кўра, аёлда 2–3-даражали дисциркулятор энцефалопатия, когнитив бузилишлар, томирли деменция ва тарқоқ остеохондроз касалликлари борлиги тасдиқланган.
Мутахассислар унинг хотираси ва фикрлаш қобилияти сезиларли даражада пасайгани, мустақил равишда кундалик эҳтиёжларини қондиришга қийналаётгани ҳамда ёлғиз қолганда ўзи ва атрофдагилар учун хавф туғдириши мумкинлигини қайд этган.
Шундан сўнг фуқаро доимий парваришга муҳтож деб топилиб, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказига жойлаштирилган. Ҳозирда унга марказда 24 соатлик парвариш ва тиббий хизмат кўрсатилмоқда.
Шунингдек, текширув давомида туман “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ва тиббиёт бирлашмаси ходимлари фуқаронинг аҳволи оғирлашаётганини ўз вақтида баҳоламагани ҳамда доимий парваришга муҳтожлик даражасини белгиламагани аниқланган. Шу сабабли тегишли масъуллар эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

