NASA муҳандислари Калифорниядаги Колорадо чўлида, Пластер-Сити шаҳри яқинида Марс учун мўлжалланган янги ровер прототипини синовдан ўтказмоқда. ERNEST (Exploration Rover for Navigating Extreme Sloped Terrain) деб номланган ушбу аппарат Реактив ҳаракатланиш лабораторияси (JPL) томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, унинг шасси тизими ва дастурий таъминоти Ой ҳамда Марсга юбориладиган келажак роботик миссиялар олдидан қаттиқ синовдан ўтказилмоқда.
37 соатлик ҳаракат давомида ERNEST қумли ҳудудлар, тошлоқ ёнбағирлар ва харсанглар орасида қарийб 25 километр масофани босиб ўтди. Таққослаш учун, ҳозир Марсда фаолият юритаётган Perseverance ровери хавфсизлик тизимлари сабаб бундан қарийб 10 баравар секинроқ ҳаракатланади.
Синовлар чоғида муҳандислар аппаратни атайлаб тик қияликлар ва юмшоқ тупроқли майдонларга олиб кириб, ғилдираклар ва осма тизимининг чидамлилигини текширди. JPL муҳандисларидан бирининг таъкидлашича, асосий мақсад — аппарат имкониятларининг чегарасини Ернинг ўзидаёқ аниқлаб олишдир.
ERNEST’нинг энг муҳим жиҳати унинг тўлиқ автоном бошқарув тизими ҳисобланади. Ер билан Марс ўртасидаги радиосигнал кечикиши сабабли аппаратни реал вақт режимида бошқаришнинг имкони йўқ. Шунинг учун ровер камералар ва лидарлар орқали олинган маълумотларни мустақил таҳлил қилади, хавфсиз йўналишни танлайди, ғилдиракларнинг сирпанишини назорат қилади ҳамда катта тошлар ва жарликларни операторлар аралашувисиз айланиб ўтади.
Мутахассислар ҳозирда унинг сунъий интеллект алгоритмларини такомиллаштириб, аппаратнинг ҳаракат тезлигини ошириш устида иш олиб бормоқда.
Синовларнинг яна бир қисми камера ва оптик тизимларга бағишланган. Ровер тонгда, шом пайти ва тунда ҳам ҳаракатлантирилди. Қуёшнинг паст бурчакда тушиши ва узун соялар машинанинг кўриш тизими учун жиддий қийинчилик туғдиргани сабабли, турли вақтларда олинган тасвирлар асосида камералар ва дастурий таъминот қайта созланмоқда. Бу келажакда Ой қутблари ёки Марснинг сояли кратерларида ишлаш учун муҳим аҳамиятга эга.
NASA бундай ер усти синовларидан ўнлаб йиллар давомида фойдаланиб келади. Илгари Мохаве чўли «Аполлон» дастури астронавтлари учун машғулот майдони бўлган. Бугунги кунда эса Ўлим водийси атрофидаги ҳудуд Марснинг базальтли текисликларига энг яқин Ердаги табиий аналоглардан бири ҳисобланади. Бу ерда суткалик ҳарорат фарқи 40 даражагача етиб, Марс шароитини яхши тақлид қилади.
ERNEST ҳозирча космосга учирилмайдиган тажриба платформаси ҳисобланади.

