Балиқчилик соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари кенгайтирилади. Бу Президентнинг 2026 йил 2 июлдаги ПФ–122-сонли фармонида белгиланган.
Унга кўра, 2026 йил 1 августдан 2030 йил 31 августга қадар балиқчилик соҳасидаги тадбиркорларга барқарорлик рейтинги тоифасидан қатъи назар қатор молиявий ёрдамлар кўрсатилади.
Жумладан:
- миллий валютада ажратиладиган кредитларнинг Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоиз бандидан юқори, бироқ 10 фоиз бандигача бўлган қисми компенсация қилинади;
- хорижий валютадаги кредитлар бўйича белгиланган фоиз харажатларининг бир қисми қоплаб берилади;
- миллий ва хорижий валютадаги кредитларнинг 50 фоизигача, бироқ 10 млрд сўм эквивалентидан ошмаган қисмига кафиллик тақдим этилади.
Шунингдек, тижорат банклари халқаро молия институтларидан жалб қилган маблағлар ҳисобидан балиқчилик корхоналарига айланма маблағларни тўлдириш учун йиллик 18 фоиз ставкада имтиёзли кредитлар ажратади.
Бу кредитлар 24 ойгача муддатга, шу жумладан 9 ойгача имтиёзли давр билан, миллий валютада ва гаров таъминоти асосида берилади.
Мазкур чоралар балиқчилик корхоналарининг айланма маблағлар билан таъминланиши, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириши ва соҳада янги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

