Фарғона вилоятида ҳақиқатда етказиб берилмаган иссиқлик энергияси учун бюджетдан 12,9 млрд сўм ортиқча субсидия олингани фош этилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Фарғона шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «Иссиқлик таъминоти» МЧЖ мансабдор шахсларининг ҳаракатлари аниқланган.
Маълум бўлишича, корхона томонидан 2024–2025 йиллар ва 2026 йил январь–май ойларида аҳолига амалда 85,7 минг Гкал иссиқлик энергияси етказиб берилган.
Бироқ вилоят Иқтисодиёт ва молия бошқармасига тақдим этилган ҳужжатларда 212,3 минг Гкал иссиқлик энергияси етказиб берилгани ҳақида сохта маълумотлар кўрсатилган.
Шу асосда бюджетдан корхонага 12,9 млрд сўм ортиқча субсидия ажратилган. Оқибатда давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда моддий зарар етказилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

