Тошкент шаҳар прокуратураси ижтимоий тармоқларда фуқароларнинг мажбурий кўчирилаётгани ва уйлари ноқонуний бузилаётгани ҳақида тарқалган мурожаатлар юзасидан текширув ўтказди.
Дастлаб Тошкент шаҳар прокуратураси ва шаҳар ҳокимлиги вакиллари воқеа жойига чиқиб, мурожаат муаллифлари ҳамда «Mega Logistics Servise» МЧЖ вакиллари иштирокида ўрганиш ишларини олиб борди. Барча томонларнинг аризалари қабул қилиниб, ҳолат прокуратура назоратига олинди.
Терговга қадар текширув давомида «Mega Logistics Servise» МЧЖ мансабдор шахслари фуқароларни мажбурий кўчириш бўйича ижро ҳаракатлари тўлиқ якунланмасидан туриб, Яккасарой тумани, Дамариқ маҳалласидаги А. Қаҳҳор кўчаси 19-уйни ўзбошимчалик билан бузиб ташлагани аниқланган.
Прокуратура маълумотига кўра, қурилиш ишларида ҳам қатор қонунбузилишлар қайд этилган.
Хусусан, тегишли рухсатнома расмийлаштирилмасдан туриб, мазкур ҳудудда битта 20 қаватли, иккита 19 қаватли, битта 12 қаватли ҳамда битта икки қаватли турар-жой биноси ўзбошимчалик билан қурилгани маълум бўлган.
Аниқланган ҳолатлар асосида «Mega Logistics Servise» МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Айни пайтда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Прокуратура жиноят иши алоҳида назоратга олинганини маълум қилди. Тергов якунлари бўйича қонунчилик талабларига мувофиқ қарор қабул қилиниши таъминланиши билдирилди.

