Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан қабул қилинди.
Таъкидланишича, қонун лойиҳаси янгиланган Конституциянинг 109-моддаси талабларини амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилган. Унда Президент ўз ваколатларини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлаш учун Президент Администрациясини шакллантириши ҳамда унинг раҳбарини тайинлаши белгиланган.
Янги қонун Президент Администрациясининг давлат бошқаруви тизимидаги ҳуқуқий мақоми, асосий вазифалари, ваколатлари ва фаолиятини ташкил этиш тартибини конституциявий қонун даражасида мустаҳкамлашга қаратилган.
Қонун лойиҳасига мувофиқ, Президент Администрацияси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан шакллантирилади. Унга Президент тайинлайдиган ва лавозимидан озод этадиган Администрация раҳбари бошчилик қилади.
Шунингдек, ҳужжатда Администрация фаолиятининг асосий принциплари, ташкилий тузилмаси, давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик тартиби аниқ белгилаб берилмоқда.
Лойиҳада Администрациянинг мансабдор шахслари, бошқарув ва хизматчи ходимлари фаолиятининг ҳуқуқий кафолатлари ҳам назарда тутилган. Бундан ташқари, давлат органлари ва ташкилотларининг комплаенс ҳамда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари билан ўзаро алоқаларига оид нормалар ҳам киритилган.
Қонун ташаббускорларига кўра, мазкур конституциявий қонун қабул қилиниши Президент фаолиятини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлаш механизмларини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, ҳужжат давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, бошқарув жараёнларининг самарадорлигини ошириш ва Президент Администрациясининг ҳуқуқий мақомини аниқ белгилашга қаратилган.
Муҳокамалар якунида қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

