Президент Шавкат Мирзиёев давлат фуқаролик хизматчиларининг ойлик иш ҳақи тизими ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартларини мувофиқлаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Маълум қилинишича, меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини тартибга солувчи ягона ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас. Аксарият давлат органларида қўлланилаётган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари бўйича 50 дан ортиқ алоҳида норматив ҳужжат амал қилмоқда.
Шу боис, давлат фуқаролик хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлашнинг ягона, очиқ ва натижага асосланган тизимини жорий этиш таклиф қилинди.
Янги тизим билан 54 минг нафар давлат хизматчисини қамраб олиш кўзда тутилган. Давлат органлари миллий, республика, ҳудудий ҳамда туман ва шаҳар даражаларига, ходимлар эса бажарадиган вазифаларига қараб маъмурий бошқарув, асосий ва қўллаб-қувватлаш гуруҳларига ажратилади.
Халқаро тажриба асосида 11 та разряд ва 6 та поғонадан иборат янги иш ҳақи сеткасини жорий этиш таклиф қилинди. Ўндан ортиқ устама ва мукофотлар ўрнига учта асосий рағбатлантириш тўлови жорий этилади.
Жумладан, малака даражаси, ходимнинг функционал вазифаларни бажариши, ижро ва меҳнат интизоми, ташаббускорлиги асосида баҳоланадиган самарадорлик кўрсаткичлари – KPI учун устама тўланади.
Шунингдек, муҳим ва мураккаб вазифаларни бажарган, инновацион ёндашувларни жорий этган ҳамда юқори натижа кўрсатган ходимларга ҳисобот даври якунлари бўйича бонус тўловлари бериш назарда тутилмоқда.

