2027/2028 ўқув йилидан ногиронлиги бўлган абитуриентлар учун олий таълимга кириш, миллий сертификат ва педагогларни аттестациядан ўтказиш имтиҳонларида белгиланган вақтнинг 50 фоизи миқдорида қўшимча вақт ажратилади. Шунингдек, Брайл алифбоси ҳамда аудио ва электрон форматдаги имтиҳон материалларидан фойдаланиш имконияти яратилади.
Қарорга кўра, 2027 йил 1 майдан алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларни ваучер асосида замонавий ассистив (ёрдамчи) жиҳозлар билан таъминлаш тизими жорий этилади. 2026/2027 ўқув йилидан ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаларида таълим индивидуал режалар асосида ташкил этилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 сентябрдан коррекцион синф ташкил этган нодавлат мактабларга ҳар бир ўқувчи учун субсидия ажратилади. Унинг миқдори Тошкент шаҳрида БҲМнинг 11 баравари, вилоят марказлари ва Нукус шаҳрида 9,5 баравари, бошқа ҳудудларда эса 8,5 бараварини ташкил этади.

