Рекламангиз учун жой

Формат: 1200x90px | Боғланиш: info@ogoh.uz

Ўзбекистонда 2028 йилгача гўшт ва сут ишлаб чиқариш сезиларли оширилади

05.08.2026 19:31

33

Янги лойиҳалар ҳисобига қўшимча 190 минг тонна гўшт ишлаб чиқариш ва замонавий "Smart Fermer" тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев чорвачилик ва паррандачилик тармоқларини ривожлантириш, гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳамда соҳага замонавий технологияларни жорий этиш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.

Қайд этилишича, мамлакатда гўштга бўлган йиллик талаб 2 миллион 150 минг тоннани ташкил этаётган бўлса, ишлаб чиқариш ҳажми 1 миллион 600 минг тоннани ташкил этмоқда. Шу боис 2026–2028 йилларда ишлаб чиқаришни оширишга қаратилган комплекс чоралар ишлаб чиқилган.

Режага кўра, фаолияти тўхтаган 103 та чорвачилик корхонаси тикланади, 13 та чорвачиликка ихтисослашган туман қўллаб-қувватланади ҳамда аҳоли хонадонларида 11 мингта енгил конструкцияли молхона барпо этилади. Шунингдек, умумий қиймати 3 триллион сўмлик 802 та лойиҳа амалга оширилиб, қўшимча 20 минг тонна гўшт ва 120 минг тонна сут ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Тақдимотда Қорақалпоғистондаги чорвачилик комплекслари фаолияти сунъий интеллект асосида таҳлил қилиниб, уларни соғломлаштириш, қарз юкини камайтириш ва наслли чорва билан таъминлаш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Шунингдек, Мўғулистон, Хитой, Европа давлатлари ва Беларусдан наслли қўй ҳамда қорамоллар олиб келиш, бунинг ҳисобига йилига қўшимча 44 минг тонна гўшт ишлаб чиқариш режалаштирилаётгани маълум қилинди. Умуман, чорвачиликни ривожлантириш учун 463 миллион доллар, паррандачилик лойиҳалари учун эса 432 миллион доллар йўналтирилиши кўзда тутилган.

Аҳоли хонадонларини қўллаб-қувватлаш мақсадида арзон чорва моллари етказиб бериш, сунъий уруғлантириш, ем-хашак таъминоти, зооветеринария хизматларини кенгайтириш ва наслдор бузоқлар учун субсидия ажратиш таклиф этилди.

Тақдимотда "Смарт Фермер" ягона рақамли ёрдамчиси ҳам намойиш этилди. Мобил илова орқали чорва молларини идентификация қилиш, ветеринар чақириш, сунъий уруғлантириш, субсидия олиш ҳамда сунъий интеллект асосида маслаҳат олиш имконияти яратилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон чорвадорлар уюшмасини ташкил этиш таклифи кўриб чиқилди. Янги тузилма чорвадорлар манфаатларини ҳимоя қилиш, илмий инновацияларни қўллаб-қувватлаш ва экспорт имкониятларини кенгайтириш билан шуғулланади.

Йиғилиш якунида Президент лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлигини чуқур таҳлил қилиш, маблағларни манзилли йўналтириш, рақамли мониторингни кучайтириш ҳамда ички бозорни сифатли ва ҳамёнбоп маҳсулотлар билан барқарор таъминлаш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган