Россиянинг Wildberries маркетплейси Россиядаги логистика объектларига дронлар ҳужумлари кучайгани ортидан узоқ муддат сақланадиган товарларнинг бир қисмини Ўзбекистон, Беларусь ва Қозоғистондаги омборларга жойлаштириш имкониятини кўриб чиқмоқда. Товарларнинг айрим қисми аллақачон хориждаги омборларга йўналтирилган.
Компания логистика инфратузилмасини бошқа мамлакатларда ҳам ривожлантираётганини билдирган.
Ўзбекистонда Wildberries 170 минг квадрат метр майдонга эга омбор мажмуасини қурмоқда. Компания мазкур лойиҳа доирасида 300 миллион доллардан ортиқ инвестиция киритишни режалаштирган. Тошкент вилоятидаги объект Марказий Осиё логистика хабининг асосий қисмларидан бири бўлиши кутилмоқда.
Хаб «Россия — Ўзбекистон — Яқин Шарқ» ва «Хитой — Ўзбекистон — Африка» логистика йўналишларини боғлаши режалаштирилган.
Қозоғистонда эса Wildberries ҳозирда қарийб 46 минг квадрат метр омбор майдонини ижарага олган. Компания яна 260 минг квадрат метрлик омборлар қуришни режалаштирмоқда.
Data Insight таҳлилчиларининг баҳосига кўра, дронлар ҳужумлари натижасида Wildberries логистика инфратузилмасининг 20 фоизгача бўлган қисми зарарланган бўлиши мумкин.
18 июлдан буён Россиянинг бир қатор ҳудудларидаги Wildberries омборлари ва сортировка марказлари дронлар ҳужумига учраган. Айрим объектларда ёнғинлар содир бўлиб, уларнинг фаолияти вақтинча тўхтатилган.

