Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, таниқли киноактёр, режиссёр ва педагог Абдуманнон Убайдуллаев 86 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси маълум қилди.
Абдуманнон Убайдуллаев томошабинларга Зулфиқор Мусоқовнинг «Ватан» фильмидаги роли орқали кенг танилган. Шунингдек, у «Омад», «Сўнгги лаҳза», «Ҳижрон», «Назар», «Йигит йиғламасин», «Алданган кўнгил» ва «Меҳр» каби қатор фильмлар ҳамда миллий телесериалларда турли образларни ижро этган.
Ижодкор кўп йиллар давомида педагогик фаолият билан ҳам шуғулланиб, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида талабаларга дарс берган.

