Рекламангиз учун жой

Формат: 1200x90px | Боғланиш: info@ogoh.uz

Кўз билан мулоқот гўдак ва катталар мия фаолиятини уйғунлаштиради

09.08.2026 09:54

47

Шу билан бирга, кўз билан мулоқот боланинг диққатини жалб қилишнинг ягона усули эмас. Айрим маданиятларда узоқ вақт тик қараш одобсизлик ёки тажовузкорлик сифатида қабул қилинади. Масалан, баъзи араб мамлакатлари ва Жанубий Американинг айрим туб халқлари маданиятида бу ҳолат кузатилади. Бундай жойларда бармоқ билан ишора қилиш, елкага енгил тегиш ёки боланинг исмини айтиш каби бошқа сигналлар ҳам худди шундай вазифани бажариши мумкин.

Гўдаклар атроф-муҳитни ҳиссий маълумотлар оқими орқали қабул қилади. Уларнинг атрофида доимо турли тасвирлар пайдо бўлади, овозлар эшитилади, ўнлаб инсонларнинг гап-сўзлари янграйди. Бу ахборот оқимида адашиб қолмаслик учун табиат уларга ижтимоий сигналларга эътибор қаратиш механизмини берган. Ана шундай сигналларнинг энг муҳими эса оддий кўринади — инсоннинг кўзига тик қараш.

Кембриж университети (Буюк Британия) ва Сингапурнинг Наньян технология университети олимлари ўтказган янги тадқиқот бу жараённинг аниқ нейробиологик асоси борлигини кўрсатди. Катта киши гапираётганда гўдакка қараса, уларнинг мия тўлқинлари бир-бирига мослаша бошлайди. Бундай уйғунлик гўдак миясига «Диққат билан тингла, бу муҳим» деган биологик сигнални беради.

Гипотезани текшириш учун халқаро олимлар гуруҳи 8–10 ойлик 42 нафар гўдак иштирокида тажриба ўтказди. Болаларга учта ўйлаб топилган тилдаги нутқ эшиттирилди. Экранда уч хил кўзойнак таққан аёл диктор тасвири намойиш этилди: шаффоф, қисман қоронғилаштирилган ва мутлақо қора кўзойнаклар.

Олимлар болаларнинг реакциясини электроэнцефалография (ЭЭГ) ёрдамида кузатди. Бу усул махсус электродлар ўрнатилган бош кийим орқали миядаги электр фаолиятини қайд этади.

Тадқиқот натижаларига кўра, гўдаклар фақат сўзловчининг кўзларини аниқ кўра олган ҳолатдагина эшитган тилни ўзлаштирган. Наньян технология университети Ижтимоий фанлар мактаби ва Кембриж университети педиатрия кафедраси вакили Виктория Леонгнинг таъкидлашича, болалар учала тилни ҳам эшитган, аммо фақат сўзловчининг кўзларини кўра олган пайтдагина улардан бирини ўрганган.

Кембриж университети Психология кафедраси вакили Кайли Клаксоннинг айтишича, гўдаклар экранга диққат билан қараб турган бўлса ҳам, кўз билан мулоқот бўлмаганида ахборотни ўзлаштирмаган. Яъни маълумот гўдак мияси томонидан саралаб олинмаган ва «эътиборга лойиқ» деб қабул қилинмаган.

Қизиғи шундаки, болаларнинг экранга қараш вақти деярли ўзгармаган. Улар дикторга узоқ вақт қараб туриши мумкин, аммо унинг кўзлари кўринмаганида ўрганиш жараёни тўхтаган.

Бундан ташқари, мия тўлқинлари ўртасидаги уйғунлик даражаси боланинг маълумотни қанчалик муваффақиятли ўзлаштиришини унинг шахсий мия фаолиятига қараганда аниқроқ башорат қилган. Тадқиқот Сингапур ва Буюк Британиядаги болаларда бир хил натижа берган. Сингапурдаги гўдаклар нотаниш этник кўринишдаги диктор юзига бироз кўпроқ қараган бўлса-да, бу нутқни ўзлаштириш натижасига таъсир кўрсатмаган.

Олимларнинг таъкидлашича, бу кашфиёт ота-оналар учун ҳам амалий аҳамиятга эга. Болани овқатлантириш ёки кийимини алмаштириш пайтида смартфонни доимий текшириб туриш унинг диққати ва ўрганиш жараёнига салбий таъсир қилиши мумкин.

Виктория Леонгнинг фикрича, ота-оналар кўз билан мулоқот қилиш ва болани исми билан чақириш як каби ижтимоий сигналлардан фойдаланиши мумкин ва бу жуда муҳим. Бундай сигналлар нафақат боланинг диққатини жалб қилади, балки унинг ўрганиш жараёнини ҳам фаоллаштиради.

Кайли Клаксон эса болага бирор нарсани тушунтириш ёки ўргатиш пайтида чалғиш унинг маълумотни жиддий қабул қилиш эҳтимолини камайтиришини таъкидлайди. Кўз билан мулоқот болага катта инсон унга эътибор қаратаётгани, айтаётган гапи муҳим экани ва уни диққат билан тинглаш кераклигини англатади.

Шу билан бирга, кўз билан мулоқот боланинг диққатини жалб қилишнинг ягона усули эмас. Айрим маданиятларда узоқ вақт тик қараш одобсизлик ёки тажовузкорлик сифатида қабул қилинади. Масалан, баъзи араб мамлакатлари ва Жанубий Американинг айрим туб халқлари маданиятида бу ҳолат кузатилади. Бундай жойларда бармоқ билан ишора қилиш, елкага енгил тегиш ёки боланинг исмини айтиш каби бошқа сигналлар ҳам худди шундай вазифани бажариши мумкин.

Кайли Клаксон таъкидлаганидек, бундай сигналлар болага янги маълумот берилишидан олдин «Бу муҳим, диққат билан тингла» деган ишорани беради.

Бундан ташқари, тадқиқотлар шуни кўрсатадики, болаларда инсон юзига қизиқиш жуда эрта шаклланади. Уч ойлик гўдакларнинг ўзиёқ инсон юзини афзал кўра бошлайди, олти ойликка келиб эса кўз ифодалари орқали турли ҳиссий ҳолатларни фарқлай олади.

Демак, кўз билан мулоқот шунчаки меҳр ёки эътибор ифодаси эмас. У гўдакнинг диққатини жамлаш, ахборотни саралаш ва уни ўзлаштириш жараёнида муҳим биологик воситалардан бири ҳисобланади.

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган