Испаниянинг Валенсия автоном ҳудудидаги Альтеа шаҳрида ҳар йили ўтказиладиган Castell de l'Olla олов фестивалида камида 27 киши жароҳатланди.
Ҳодисага пиротехникада юзага келган носозлик сабаб бўлган. Жабрланганларнинг барчаси тиббиёт муассасаларига олиб борилган. Уларнинг соғлиғи ҳолати ҳақида ҳозирча қўшимча маълумот берилмаган.
Cadena SER радиостанцияси ўз манбаларига таяниб хабар беришича, мазкур фестиваль қарийб 40 йилдан буён ўтказиб келинади. У муқаддас Лаврентий хотираси кунига энг яқин шанба кунига мослаб ташкил этилади.
Фестивальнинг энг томошабоп қисми денгизда ўрнатилган сузувчи платформалардан пиротехника воситаларини осмонга отишдан иборат.
Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, тадбир ҳар йили дунёнинг турли бурчакларидан 50 минг нафаргача томошабинни жалб қилади.

