Тошкент шаҳрида Telegram орқали гиёҳвандлик воситаларини тарқатиш билан шуғулланган икки шахс қўлга олинди. Улардан қарийб 10 минг 700 дозага тенг гиёҳвандлик воситалари ашёвий далил сифатида олинган.
Жорий йил 3 август куни ИИВ Тезкор қидирув департаменти ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ҳамкорлигида Яшнобод ва Чилонзор туманларида тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилди.
Тадбирлар давомида 1993 йилда туғилган шахс ҳамда муқаддам Жиноят кодексининг 228-моддаси 1 ва 2-қисмлари ҳамда 168-моддаси билан судланган, 1992 йилда туғилган унинг жиноий шериги Яшнобод туманида гиёҳвандлик воситаларини яширин жойларга жойлаштириш, яъни «закладка» усулида тарқатаётган вақтида ушланган.
Уларга тегишли Nexia-3 русумли автомашина кўздан кечирилганда, 20 грамм гашиш ёғи аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Терговга қадар аниқланган маълумотларга кўра, гумонланувчилар 2025 йилдан буён Telegram платформасидаги наркотик дўконида омборчи сифатида фаолият юритиб, ҳар ойда қарийб 10 килограмм турли хил гиёҳвандлик воситаларини тарқатиб келган.
Уларнинг яшаш манзиллари ҳам текширилганда, 2 килограмм гашиш ёғи, марихуана ва гашиш, шунингдек, гиёҳвандлик воситаларини қадоқлаш ва тарқатишда фойдаланилган изолента ҳамда бошқа ашёлар аниқланган.
«Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбирлари доирасида ўтказилган ушбу тадбирлар натижасида жами 2 килограмм 170 грамм, яъни қарийб 10 минг 700 дозага тенг гиёҳвандлик воситалари ноқонуний муомаладан чиқарилди.
Мазкур ҳолат юзасидан гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний сотиш билан боғлиқ жиноий ҳаракат содир этган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 6-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

