Ўзбекистонда кредит рекламалари ва шартномаларида қарз олувчилар учун молиявий хатарлар ҳақида махсус огоҳлантиришлар жорий этилиши мумкин.
Марказий банк томонидан ишлаб чиқилган лойиҳага кўра, кредит рекламаларида кредит мажбуриятларини бажармаслик молиявий хатарларга олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантириш бўлиши шарт. У реклама майдони ёки эфир вақтининг камида 10 фоизини эгаллаши керак.
Кредит шартномасида эса огоҳлантириш учун шартнома биринчи қисмининг асосий юзасидан камида 30 фоиз жой ажратилиши таклиф этилмоқда.
Унда кредитни ўз вақтида тўламаслик натижасида қарз миқдори ошиши, мажбурий ундирув чоралари қўлланиши, мол-мулкка ундирув қаратилиши, ҳисобварақлардаги маблағлар хатланиши ва кредит тарихига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги қайд этилади.
Шунингдек, агар банкнинг кредит маҳсулоти истеъмолчини чалғитувчи деб топилса, Марказий банк унинг айрим молиявий операциялари ёки инфратузилмасини кенгайтиришини 6 ойгача чеклаши ёки тақиқлаши мумкин.
Мазкур таклифлар ҳозирда жамоатчилик муҳокамаси учун тақдим этилган.

