Шарбат қутисидаги наркотик ўрамлар ортидан 3,1 кгдан зиёд гиёҳвандлик воситалари аниқланди.
Тошкент-AERO ихтисослаштирилган божхона комплексининг Контрабандага қарши кураш шўъбаси ходимлари томонидан республикамизда гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний айланувига қарши курашиш йўналишида навбатдаги тезкор қидирув тадбири ўтказилди.
Жорий йилнинг 3 август куни пойтахтимизда ўтказилган тезкор тадбир давомида олдиндан кузатувга олинган шахс бошқарувидаги автотранспорт воситаси тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг ёнидаги 1 дона болалар учун шарбат қутиси ичида тахминий оғирлиги салкам 11 грамм бўлган 20 ўрамдаги гиёҳвандлик воситалари борлиги маълум бўлди.
Мазкур наркожиноятнинг илдизига етиб бориш мақсадида комплекснинг Контрабандага қарши курашиш шўъбаси томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар идоралари вакилларини жалб қилган ҳолда фуқаронинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилди.
Натижада бу ерда ҳам героин, мефедрон, марихуанна ва бошқа турдаги 3,15 кг оғирликдаги анъанавий ва синтетик гиёҳвандлик воситалари сақланаётганлиги аниқланди.
Шундан сўнг, тезкор-қидирув тадбири давом эттирилиб, мазкур гиёҳвандлик воситаларининг асл эгаси бўлган Ўзбекистон фуқароси ҳам қўлга олинди.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилди.

