➖ Администрациянинг мансабдор шахслари ва бошқарув ходимлари дахлсизликка ҳамда иммунитетга эга бўлади.
➖ Администрация мансабдор шахсларининг ва бошқарув ходимларининг дахлсизлиги уларнинг ва улар оила аъзоларининг (турмуш ўртоғининг, фарзандларининг ва ота-онасининг) шахсий ҳаётига, турар жойига, хизмат хонасига, улар фойдаланадиган шахсий ва хизмат транспорт воситасига ҳамда алоқа ва коммуникация воситасига, хат-хабарларига, ёзишмаларига, электрон маълумотларига, уларга тегишли ашёлар ва ҳужжатларга нисбатан татбиқ этилади.
➖ Администрациянинг мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатишга, уларни жиноий жавобгарликка тортишга, уларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини чеклайдиган бошқа ҳар қандай процессуал мажбурлов чораларини қўллашга, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширишга, суриштирув, тергов ҳаракатлари ўтказишга ёки маъмурий қамоқ жазо чорасини қўллашга йўл қўйилмайди.
➖ Администрациянинг бошқарув ходимлари ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш ҳамда ваколатларини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда қабул қилган қарорлари, содир этган ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги, билдирган фикрлари ва берган кўрсатмалари учун жиноий, маъмурий ёки фуқаровий жавобгарликка тортилмайди.
➖ Администрацияда ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш ҳамда ваколатларини амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик учун Администрациянинг бошқарув ходимларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёзма розилигисиз жиноят ишини қўзғатиш, уларни жиноий жавобгарликка тортиш, уларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини чеклайдиган бошқа ҳар қандай процессуал мажбурлов чораларини қўллаш, тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш, суриштирув, тергов ҳаракатлари ўтказиш ёки суд тартибида маъмурий жазо ва ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашга йўл қўйилмайди.
➖ Администрациянинг бошқарув ходими Администрацияда ишлаб турганида ва (ёки) ишдан бўшатилганидан кейин унга нисбатан жиноят иши фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин.
➖ Администрациянинг бошқарув ходимига нисбатан Администрацияда ишлаб турганида ва (ёки) ишдан бўшатилганидан кейин қўзғатилган жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судловига тегишлидир.
➖ Администрациянинг мансабдор шахслари, бошқарув ва хизматчи ходимлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи ваколатли давлат органлари томонидан махфийлик асосида ҳамкорликка жалб қилиниши, шу жумладан Администрациядан бўшатилганидан кейин ҳам жалб қилиниши тақиқланади.
➖ Администрациянинг мансабдор шахслари ушбу Конституциявий Қонунда белгиланган дахлсизлик ва иммунитетни Администрациядан бўшатилганидан кейин умрбод, бошқарув ходимлари эса Администрациядан бўшатилганидан кейин беш йил давомида сақлаб қолади.
➖ Ушбу моддада белгиланган қоидаларни бузган ҳолда олинган далиллар қонун ҳужжатларини бузган ҳолда олинган деб ҳисобланади ва номақбул далиллар деб топилади.
➖ Қонунчилик ҳужжатларига ушбу моддада назарда тутилган дахлсизликка оид қоидаларни бекор қилишга, оғирлаштиришга ёки дахлсизлик қўлланиладиган шахсларнинг ҳолатини ёмонлаштиришга олиб келадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган тақдирда, бундай ўзгартиришлар Администрациянинг ушбу Конституциявий Қонунда белгиланган қоидалар қўлланиладиган мансабдор шахсларига ва бошқарув ходимларига нисбатан татбиқ этилмайди, шу жумладан улар Администрациядан бўшатилганидан кейин ҳам татбиқ этилмайди.

