15 август куни Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида содир бўлган ёнғинни бартараф этиш вақтида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчиси ҳалок бўлди.
ФВВ маълум қилишича, соат 03:41 да «112» тизими орқали «Қуйи Дархон» МФЙ ҳудудидаги хонадонлардан бирида ёнғин содир бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушган.
Воқеа жойига Тошкент шаҳар ФВББ ҳамда ФВВ Махсус қутқарув батальони қутқарувчилари етиб борган. Улар ёнғинни бартараф этиш билан бирга, хонадонда бўлган фуқароларни хавфсиз ҳудудга эвакуация қилган.
Қутқарув ишларида ФВВ Махсус қутқарув батальони отряд командирининг ўринбосари — гуруҳ командири, капитан Бобурмирзо Пардаев ҳам иштирок этган. У фуқароларни қутқаришда жасорат кўрсатган, бироқ ёнғинни бартараф этиш жараёнида ҳалок бўлган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти ва шахсий таркиби марҳум капитан Бобурмирзо Комилжон ўғли Пардаевнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдирди.

