Франция шимолидаги Gravelines атом электр станцияси медузалар тўдаси туфайли вақтинча ўз ишини тўхтатди. Қизиғи шундаки, худди шундай ҳолат роппа-роса бир йил олдин, айнан шу санада ҳам содир бўлган эди. Бу ҳақда ScienceAlert нашри хабар берди.
Медузалар тўдаси станциянинг совитиш тизими учун денгиз сувини тортиб олувчи насосларга кириб қолган ва уларни зоопланктон билан бирга тўсиб қўйган. Натижада реакторнинг ҳаддан ташқари қизиб кетиш хавфи юзага келиб, автоматик ҳимоя тизими уни тўхтатган.
Франциянинг EDF энергетика компанияси ўтган йили бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида юз минглаб евро сарфлаб, махсус ҳимоя тўсиқлари ўрнатган ва сув ҳавзасини тозалаган эди. Шунга қарамай, медузалар яна пайдо бўлди.
Мутахассислар бу ҳодисани денгиз суви ҳароратининг кўтарилиши билан изоҳламоқда. Илиқ сув планктонларнинг кўпайишини тезлаштиради, планктон эса медузалар учун асосий озуқа манбаи ҳисобланади. Бунинг оқибатида йирик медуза тўдалари юзага келиб, денгиз сувидан фойдаланадиган инфратузилма объектлари ишига жиддий халақит бермоқда.
Айни пайтда станция атрофини назорат қилиш ва тозалаш учун балиқчилик кемалари жалб этилган. Реакторнинг тўлиқ қувват билан ишлаши бир неча кун ичида тикланиши кутилмоқда.

