Шаҳрисабз шаҳрида ўтказилган «IROQI» халкаро каштачилик фестивалининг якуний маросимида Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши (WCC) президенти Саъад Ал-Қаддумий Шаҳрисабзга 2026 йилда каштачилик йўналиши бўйича «Жаҳон ҳунармандчилик шаҳри» мақоми берилганини расман эълон қилди.
Ушбу нуфузли мақомни тасдиқловчи халкаро сертификат шаҳар ҳокими Шерзод Бўриевга тантанали равишда топширилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу эътироф Шаҳрисабзнинг ҳунармандчилик ва маданий мерос соҳасидаги мавқеини халқаро майдонда янада мустаҳкамлайди. Шунингдек, миллий каштачилик анъаналарини кенг тарғиб қилиш, маҳаллий усталарни қўллаб-қувватлаш ҳамда шаҳарни жозибадор маданий туризм маркази сифатида дунё бозорига олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.

