2027 йил 1 январдан Ўзбекистонда муддатли тўлов хизмати операторлари фаолияти йўлга қўйилади. Бу Президентнинг 14 августдаги ПҚ–294-сон қарорида белгиланди.
Қарорга кўра, банклар ва микромолия ташкилотларидан ташқари юридик шахслар ҳам муддатли тўлов хизмати оператори сифатида фаолият юритиши мумкин. Бунинг учун улар Марказий банк юритадиган махсус Реестрга киритилиши лозим.
Муддатли тўлов шартномасида товар ёки хизмат қиймати БҲМнинг 250 бараваридан ошмаслиги, комиссия ва бошқа қўшимча тўловлар алоҳида кўрсатилиши керак. Асосий қарздан ташқари барча тўловлар миқдори йиллик муддатли тўлов суммасининг 50 фоизидан ошмаслиги белгиланган.
Шунингдек, истеъмолчи қарзни исталган вақтда қўшимча жарима, пеня ёки комиссиясиз муддатидан олдин тўлаш ҳуқуқига эга бўлади. Шартнома муддати эса 12 ойдан ошмаслиги керак.
Операторларга молиявий истеъмол кредитлари ажратиш ва аҳолидан пул маблағларини жалб қилиш тақиқланади. Кўчмас мулк ҳам муддатли тўлов хизмати объекти бўла олмайди.

